ЙПХ инспектори сафдор Ф.Тошева олиб қочилган автомашинани ва гумондорни ушлади
Тошкент шаҳар ИИББ барча ҳудудий ички ишлар органларига шунингдек, ижтимоий тармоқларга шу йилнинг 20 октябрь куни шаҳарнинг Миробод тумани, “Фарғона йўли” кўчасидан кулранг “Кобальт” русумли, давлат рақам белгиси 01 В 457 DB бўлган транспорт воситаси олиб қочилгани, бу ишни содир этган гумонланувчи кузатув камераларига тушиб қолганлигини билдириб, ушбу шахсни ҳамда транспорт воситасини аниқлашда кўмак сўраб ёзган мурожаати эълон қилинди. Мурожаатга гумонланувчининг камерадан олинган фотосурати ҳам илова қилинган.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ 1-минтақавий ҳудуд ЙПХ 1-отряди ЙПХ инспектори, сафдор Ф.Тошева ҳам бу хабарни олиб, синчковликни оширди. Йўлдан ўтаётган транспорт воситаларини кузатиб, шубҳали туюлганларини тўхтатиб текшира бошлади. Ўзини “қўлга тушмас” эканлигига ишонган гумонланувчи олиб қочилган автомобилда хотиржам Чирчиқ шаҳридан ўтар экан, инспекторнинг чалган ҳуштаги “капалагини” учириб юборди. У бир зумгина довдираб нима қилишни, қаерга қочишни билмай қолди. ЙПХ инспектори Ф.Тошева учун ана шу қисқа лаҳзалар кифоя қилди. У ҳамкасби, сафдор С.Умаровни ёрдамга чақирди. Биргаликда олиб қочилган транспорт воситасини ва гумондорни қўлга туширишди. Гумондор ва транспорт воситаси шаҳар ИИБга олиб бориб топширилди. Эндиликда гумондор ўз қилмишига яраша қонун олдида жавоб беради.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати