ЙПХ инспектори транспорт воситаларини сақлаб туриладиган жойга қўйиш учун олиб бориш ҳуқуқига эга
Жорий йилнинг 2 апрель куни ижтимоий тармоқдаги Kun.uz расмий саҳифасига “Андижонда ағдарилиб кетган “Damas”ни ЙПХ ходими бошқариш ваколатига эга бўлмаган” сарлавҳали мақола жойлаштирилди.
Мақолада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги «Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 149-сонли қарори билан тасдиқланган низом бандлари келтирилиб ўтилган.
2016 йил 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан имзоланган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги 407-сон Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддаси (Ички ишлар органларининг ҳуқуқлари) биринчи хатбошисининг йигирма еттинчи кичик бандига кўра, Ички ишлар органи ходими “Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда транспорт воситаларини ва шахсларни ушлашни, кўрикдан ўтказишни амалга ошириш, шахсларни транспорт воситасини бошқаришдан четлаштириш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни олиб қўйиш, шунингдек транспорт воситаларини сақлаб туриладиган жойга қўйиш учун олиб бориш” ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Жорий йилнинг 21 март куни Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори Р.Мадаминов ҳайдовчи А.С. бошқарувидаги “Damas” русумли 60 N 973 PA давлат рақам белгили транспорт воситасини тўхтатган вақтида, ҳайдовчининг ушбу автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари йўқлиги маълум бўлган. ЙПХ инспектори Р.Мадаминов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 291-моддасига кўра, қоидабузар ҳайдовчи бошқарувидаги транспорт воситасини вақтинча сақлаш жойига ҳайдовчи билан бирга ўзи олиб бориши Қонун ҳужжатларига зид ҳисобланмайди.
Айни вақтда ушбу ҳолат юзасидан Андижон туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати