Транспорт воситасида юк ташишнинг ҳам ўз меъёр ва талаблари мавжуд
Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, қуйидаги шартларга амал қилинганда юк ташишга йўл қўйилади:
- агар юк ҳайдовчига теварак-атроф кўринишини чекламаса;
- транспорт воситасини бошқаришни қийинлаштирмаса ва мувозанатини бузмаса;
- ташқи ёритиш асбоблари, габарит фара чироқларини ва ёруғлик қайтаргичларини, рўйхатдан ўтказилганлик давлат рақам белгилари ва таниқлик белгиларни, шунингдек, қўл билан бериладиган ишораларни кўришини тўсмаса;
- автотранспорт воситаларининг очиқ юк ташиш платформаларида, иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва озиқ-овқат товарларини, шунингдек, тўкиладиган бошқа юкларни ташишда юк мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал билан ёпилган бўлса;
- шовқин солмаса, чанг кўтармаса, йўлни ва атроф муҳитни ифлос қилмаса;
- енгил автомобилнинг том қисмига ўрнатилган юкхонасидаги юкнинг баландлиги 1 метрдан (махсус мосламалар билан мустаҳкамланган ҳолда велосипедларни ташиш бундан мустасно) ва узунлиги автомобилнинг габаритидан 0,5 метрдан ошмаса.
Агар юкнинг жойлашуви ва ҳолати қайд этилган талабларга жавоб бермаса, ҳайдовчи юқорида санаб ўтилган қоидалар бузилишини бартараф этиш чораларини кўриши, бунинг иложи бўлмаса, кейинги ҳаракатланишни тўхтатиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1251-моддаси (юк ташиш қоидаларини, шатакка олиш қоидаларини бузиш)га кўра, юк ташиш қоидаларини бузиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Тегишли рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли юкларни ташиш ва юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари, шунингдек умумий ҳақиқий вазни, ўққа тушувчи оғирлиги белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларида йўлга чиқиш, худди шунингдек рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойгача муддатга маҳрум этишга, юк ташиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларга эса — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Барча ҳайдовчилардан белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя этган ҳолда ҳаракатланишларини сўраймиз.