Тест режимида

Хабарлар

Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаганлик учун қандай жавобгарлик мавжуд?

Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ёки йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслиги (ушбу Кодекснинг 128-3-моддасида, 128-4-моддасининг биринчи қисмида, 128-5, 128-6 ва 130-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), одам ташиш, транспорт воситаларини қувиб ўтиш, йўналишли транспорт воситалари тўхтайдиган бекатлардан ёки пиёдалар ўтиш жойларидан юриш, ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиши, худди шунингдек йўловчиларга лойқа сачратиши Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 128-моддасига кўра — базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни уч марта ва ундан ортиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ой муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати