КАРАНТИН: Диққат эълон! Термиз шаҳри ҳамда туманларда кириш - чиқиш тўхтатилади
Жорий йилнинг 27 март куни вилоят ҳокимлигида вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулотда комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими, комиссия раиси Тўра Боболов бошқариб борган йиғилишда воҳа аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида, 2020 йил 28 март куни соат 06:00 дан бошлаб, вилоятнинг Термиз шаҳри ва туман ҳудудларига кириш-чиқиш, ҳар қандай транспорт воситаларининг (автобус, микроавтобус, енгил автомототраспортлар) ҳаракатланиши (озиқ-овқат маҳсулотлари, дори дармон воситаларини ташувчи автотранспорт воситалари бундан мустасно) тўхтатилиши белгиланди.
Шунингдек, Термиз шаҳри ва туманларда доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга, Термиз шаҳри ва туманларда жойлашган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулотда комиссиясининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Фуқароларимиздан карантин даврида ўрнатилган тартиб қоидага амал қилишлари ва ўз уйларида қолиши илтимос қилинади.
Карантин тартиб қоидаларини бузган шахсларга нисбатан қонунчилик доирасида қатъий чоралар кўрилади.
Эслатиб ўтамиз! 2020 йил 28 март куни соат 06:00 дан бошлаб, вилоятнинг Термиз шаҳри ва туман ҳудудларига кириш-чиқиш, ҳар қандай транспорт (автобус, микроавтобус, енгил автомототраспортлар) воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати