“Карантин қонунсизлик дегани эмас: жарима майдонига қўйилган автомобиллар қўйиб юборилиши керак” номли мақола юзасидан маълумот
Карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун жарима майдончасига жойлаштириш қуйидаги асосларга кўра амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасида юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи, унинг ўринбосари тақдимномасига кўра тегишли ҳудудларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкинлиги, шунингдек, чекловчи тадбирлар (карантин) ўтказиш тартиби ва муддатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилган.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (янги таҳрири) 11-моддасига кўра, Вазирлар Маҳкамаси санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича чораларни амалга оширади.
Юқоридагилар асосида Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарорида Махсус комиссияга зарур ҳолларда қўшимча кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилиш ваколати берилган (4-банд), шунингдек, унинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари, идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий эканлиги белгиланган (12-банд).
Юқоридагиларга асосан, Махсус комиссия Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан берилган ваколатдан фойдаланган ҳолда, 2020 йил 4 апрелдаги йиғилиш қарори билан карантин талабларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг ҳуқуқбузарликни давом эттиришига йўл қўймаслик мақсадида, истисно тариқасида, ички ишлар органлари
йўл-патруль хизмати ходимларига карантин даврида транспорт воситасини махсус рухсатнома (стикер)сиз бошқарганлик учун жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб туриш ваколати берилган.
Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда ижро этилганидан ёхуд ижроси тугатилгандан сўнг автотранспорт воситаси жарима майдончисидан олиб чиқиб кетилиши белгилаб қўйилган.
Карантин чекловларини бузган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасида белгиланган карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузган шахс сифатида жавобгарликка тортилади.
Булардан ташқари, карантин талабларига асосан махсус рухсатномаси (стикери) мавжуд бўлмаган тақдирда транспорт воситаларини бошқариб, ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик мақсадида, рухсатномасиз ҳаракатланган транспорт воситалари ички ишлар органлари томонидан жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади.
Ҳар қандай ҳуқуқбузарликка аниқлангандан сўнг дарҳол барҳам берилиши ҳамда ҳуқуқбузарлик давом эттирилиши тўлиқ тўхтатилиши лозим. Хусусан, карантин шароитида махсус рухсатнома (стикер)сиз автотранспорт воситасини бошқаришда ҳам ушбу қоида татбиқ этилади ва унинг кейинги ҳаракатига чек қўйилади, бу билан карантин қоидаларига риоя этилиши таъминланади.
Ҳар бир постда Давлат санитария назорати органларининг масъул ходимлари иштирокини ва назоратини таъминлашнинг иложи йўқлигини инобатга олиб, улар томонидан тегишли баённомалар бевосита жарима майдончаларида расмийлаштирилиши йўлга қўйилган. Юқоридаги механизм эса ҳуқуқбузарликнинг бугунги кундаги мураккаб эпидемиологик шароитда дарҳол тўхтатилишини ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХ Бош бошқармаси