Карантин вақтида янги автомашинангизни давлат рўйхатидан ўтказишингиз мумкин
Инсон ҳамиша яхши ният билан яшайди. Айниқса, ўзбек халқи шундай ва у шу жиҳати билан бошқа халқлардан ажралиб туради десак асло муболаға бўлмайди. Юртимизда тўй қилишни, янги машина минишни истамаган бирорта ҳам одам бўлмаса керак. Ҳар бир одам йиллар мобайнида ҳалол меҳнат қилиб, рўзғордан орттириб маблағ йиғади. Бу пулга тўй қилади, машина минади. Ҳалоли бўлганидан кейин қандини урсин, дейсиз.
Короновирус аталмиш касаллик бутун дунёда бўлгани каби юртимиз аҳлини ҳам ташвишга солди. Карантин тадбири эълон қилинди. Аммо бу билан инсон кўнглидаги яхшиликка, эзгуликка бўлган ишончни, умидни сўндириб бўлмайди. Барака топишсин, автосаноатчиларимиз ҳам шу синовли кунларда фуқароларимизга қувонч ҳадя этиш учун янги, замонавий транспортларни пешма-пеш етказиб беришмоқда. Фуқароларимиз навбатлари билан уларни харид қилишмоқда.
Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, машинани олсангу уни номингга расмийлаштира олмасанг қандай бўлади? Гўёки қувончнинг бир чеккаси кемтик бўлиб қолгандек, киши кайфиятини тушириб юборади. Масаланинг ана шу томонларини инобатга олган ҳолда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида фуқароларимизга қулайлик яратишга қарор қилинди. Яъни, автомобилни сотиб олган харидор ўша автосалоннинг ўзида машинасига давлат рақам белгисини олиши йўлга қўйилди. Жумладан, Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида жойлашган “Nurafchon avtocentr” ҳамда Зангиота туманидаги “Drivers village” МЧЖларида Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг автомобилларни рўйхатдан ўтказиш бўлинмаси ташкил этилди.
“Яратилган бу қулайликдан фуқароларимиз мамнун бўлишмоқда. Бу ерда улар учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, вилоятимизнинг бошқа туманларидаги автосалонлардан машина харид қилган фуқароларимиз ҳам бу ерларга келишлари ҳамда транспорт воситаларини расмийлаштиришлари мумкин. Энг муҳими карантин талабларига риоя этишса кифоя”- дейди вилоят ИИББ ЙҲХБ 4-ТРИБ бошлиғи, капитан А.Тошпўлатов.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ҳозирги кунгача “Nurafchon avtocentr” МЧЖдан сотиб олинган 119 та ҳамда “Drivers village” МЧЖдан харид қилинган 125 та автомобилга давлат рақам белгилари берилиб, расмийлаштирилди. Янги машинани давлат рақам белгилари билан бирга оила даврасига олиб келишнинг ҳам завқи ўзгача бўлади. Вируссиз, мусаффо кунларимизга ҳам оз қолди. Уни тезлатиш эса ҳар биримизнинг қўлимизда. Машина олган ҳамюртларимизга эса, машинани олдингиз, давлат рақам белгиси тақилди. Энди уйда қолинг, хурсандчиликнинг давоми карантиндан сўнг давом этади, дея мурожаат этамиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати