Карантин вақтида автомобили бор фуқароларга таксичилик қилиш учун лицензия бериладими?
Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келгани сабабли мамлакатда карантин эълон қилиниб, қатор чекловлар ўрнатилди. Хусусан, Тошкентда жорий йилнинг 22 мартидан бошлаб барча турдаги жамоат транспортининг ҳаракати тўхтатилди.
Жамоат транспортининг тўхтатилиши юзасидан аҳоли орасида қатор саволлар туғилди. Шундай саволлардан бири жамоат транспорти ва маршрутлар тўхтатилиши оқибатида давлат ташкилотлари ходимлари учун юзага келадиган қўшимча ноқулайликларга карши қандай чора кўрилиши ҳақида бўлди.
Ушбу саволларга “Qalampir.uz” мухбири С.Абдуллаев Ўзбекистон Транспорт вазирининг матбуот котиби Наврўз Ашурматовдан жавоблар олди.
“Жамоат транспорти вақтинча тўхтатилганлиги муносабати билан давлат ташкилотлари ходимлари учун махсус навбатчи автобуслар ташкил қилинди”, деди Ашурматов.
Кўпчиликни қизиқтирган “транспорт муаммосини зудлик билан бартараф этиш учун шахсий автомобили бор фуқароларга вақтинчалик лицензия бериш масаласи кўриб чиқилганми”, деган саволга ҳам жавоб берилди.
“Ҳар бир фуқаро қонуний такси фаолияти билан шуғулланишни истаса, йўналишсиз такси фирмаларига мурожаат этиб 4-5 соат мобайнида ўз хизматини қонунийлаштириб, лицензия олиши мумкин”, деди Ашурматов.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати