Коронавирус тарқалишининг олди олинмоқда
Короновирус муаммоси бутун дунё аҳлини ташвишга, таҳликага солаётган бир вақтда республикамизда, жумладан Тошкент вилоятида ҳам унга қарши турли самарали усуллар қўлланилмоқда. Маълумки, вилоят Тожикистон ва Қозоғистон республикалари билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Вилоят ҳудудидан транзит шаклда транспорт воситалари, фуқаролар ўтиб-қайтиб туришади.
Вилоятнинг “Ғишткўприк” маскани Қозоғистонга, “Ойбек” маскани Тожикистонга кириб чиқадиган асосий жойлар ҳисобланади. Шу сабабли вилоят ИИББ ЙҲХБ томонидан ушбу масканлардан кириб келаётган ва бошқа давлат ҳудудига транзит ўтадиган транспортлар ва фуқаролар ҳаракати қатъий назоратга олинди.
Ушбу масканларда, жумладан “Ғишткўприк” масканида навбатчиликда турган ЙПХ инспекторлари меҳмонларни кутиб олиб, улар билан вирусга қарши профилактик суҳбатлар ўтказишмоқда. Суҳбатлардан сўнг уларни ташкилий жамланма сафида Бекобод туманидаги “Ойбек” масканигача кузатиб олиб боришмоқда. Яратилаётган бу шароитларни меҳмонлар ҳам тўғри англаб етишмоқда. Чунки, COVID-19 коронавирус инфекцияси уларнинг ҳам ташвишларидир. Шундай экан, вирусга қарши кескин курашиш, шахсий гигиена талабларини сўзсиз адо этиш барчанинг ишидир.
Ҳурматли фуқаролар! Соғлиғимиз ўз қўлимизда эканлигини унутманг. Шахсий гигиена талабларига беэътибор бўлманг. Жамоат транспортидан фойдаланилганида ҳимоя маскаларини тақиб олишни унутманг. Ташкилий жамланмалар ҳаракатланаётганида ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга хисса қўшинг.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати