Маъмурий жазо қўллаш тўғрисида чиқарилган қарор юзасидан хизмат текшируви ўтказилди
Ижтимоий тармоқда "Малибу" русумли автомобиль ҳайдовчисига нисбатан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ ходими С.Саидов томонидан маъмурий жазо қўллаш тўрисида чиқарилган қарор ўрнатилган тартиб ва қоидаларга тўғри келмаслиги келтирилган хабар тарқалди ва ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилди.
Текширув хулосасига кўра, фуқаро М.Ш.га нисбатан белгиланган 1.338.000 сўм миқдоридаги жарима жазоси бекор қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 135-моддаси 1-қисмига асосан БҲМнинг бир баравари миқдорида жарима жазоси белгиланди.
Шунингдек, ушбу маъмурий иш бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 139-моддаси 2-қисми (Носозлиги бўлган ёки муайян шартлар туфайли транспорт воситасидан фойдаланиш тақиқланган ёки тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини йўлга чиқариш)га асосан "Адизбек Нур Барака" ХК раҳбарига чора кўрилиши белгиланди.
Фуқаро М.Ш.га нисбатан маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор чиқаришда хатоликка йўл қўйган Қарши шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ маъмурий амалиёт инспектори С.Саидовга нисбатан 17.03.2021 йилда эълон қилинган "Танбеҳ" интизомий жазоси билан чегараланиши бўйича хулоса қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати