Марғилонда ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмаган 19 нафар ҳуқуқбузар маъмурий қамоққа олинди
Ўз ҳақимизни талаб қилишдан олдин “Ўзгалар ҳуқуқини поймол қилмаяпманми?”-деган савол беришимиз керак. Бизга фойда келтирган иш бошқаларга зиён келтириши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.
Марғилон шаҳар марказидаги Б.Марғилоний кўчасида жойлашган савдо мажмуаси рўпарасида Марғилон - Фарғона шаҳарлари ҳамда Қиргули мавзеси йўналишларида киракашлик билан шуғулланувчи “Damas” русумли автомашина ҳайдовчилари ушбу кўчадаги пиёдалар ўтиш йўлакчаси олдига ҳамда йўлнинг қатнов қисмига бетартиб туриб олиб, пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг ҳаракатига ҳалал бераётганлиги сабабли вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари мазкур тартибсизликни бартараф қилиш мақсадида етиб келишади.
Аммо, “Damas” ҳайдовчилари ЙПХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, фуқаролар осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатлар содир этишган.
Шу ўринда савол туғилади. Бир гуруҳ ҳайдовчилар ўзларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан нима қилишмоқчи бўлди?
“Ўзим хон - кўланкам майдон” қабилида иш тутган “Дамасчилар”ни қандай тушуниш мумкин?
Ахир, мана шундай тартибсиз ҳаракатлар оқибатида пиёда ёки ҳайдовчилар иштирокида йўл-транспорт ҳодисалари содир бўляптику.
Айтиш жоизки “тирикчилик” ёҳуд бошқа омилларни важ қилиб, қоидабузарлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган жами 19 нафар ҳуқуқбузар “Дамас” ҳайдовчиларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183, 194 ва 195-моддалари билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Марғилон шаҳар Маъмурий ишлар бўйича судининг қарори билан 6 нафарига 15 сутка, 8 нафарига 10 сутка, 5 нафарига 5 суткалик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Ҳуқуқбузарлар қилмишига яраша жазо олди.
Ҳурматли фуқаролар!
Агарда сиз ҳам юқоридаги каби тартибсиз “Дамас” ҳайдовчиларидан жабрланган бўлсангиз ёки мана шундай ҳолатлар кузатилаётганлигига гувоҳ бўлсангиз ҳудудий ИИБларга ҳабар беришингизни сўраб қоламиз.
Барчамиз мана шу осойишта жамиятда яшар эканмиз, унинг тинчлиги, фаровонлиги учун масъуллигимизни унутмайлик!
Қолаверса, ўрнатилган тартиб-қоидалар фақатгина инсон манфаати учун яратилганлиги ҳам бежиз эмас.
Бўйсунишни истамасликнинг оқибати мана шундай якун топади...
Огоҳ бўлинг!
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати