МУХБИРНИНГ ҚАЛБ КЕЧИНМАЛАРИ
Жорий йилнинг 25 июнь куни Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ навбатчилик қисмига Хатирчи туманида вояга етмаган бола ўлими билан боғлиқ автоҳалокат содир этилгани борасида хабар келиб тушади. Бошқарма раҳбарияти ушбу мудҳиш ҳодисанинг сабабларини ўрганиш ва келгусида бу каби бахтсизликлар содир бўлмаслиги учун жараёндан махсус лавҳа тайёрлаб оммавий ахборот воситаларида ёритиш мақсадида Бошқарма Матбуот гуруҳи жамоатчи мухбири Сабина Хўжаевани Хатирчи туманига йуборди. Мухбиримиз лавҳа тайёрлаш билан бирга жараёндан таъсирланиб, ўзининг дил изтироблари, кўнгил кечинмаларини қоғозга тушурибди. Қуйида журналист қизимизнинг мақоласини сизга ҳам илиндик. У тайёрлаган лавҳани эса яқин соатларда саҳифамиз орқали томоша қилишингиз мумкин бўлади.
Катта тезликда ҳаракатланиб келаётган “Нексия” автомашинаси уч ёшли болани уриб юборди. Воқеа жойига келиб қолган Фарҳоджоннинг бувиси ҳайдовчига зудлик билан набирасини касалхонага олиб боришини айтганида ҳайдовчи:
-Машинани қандай ҳайдайман. Роса ичганман-деб жавоб берди.
Минг изтироб билан болакайни автомашинага ётқизишди. Боланинг қулоқларидан қон оқди...
Навоий вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Матбуот гуруҳида фаолият олиб бораётганимда эндигина олти ой бўлди. Шу қисқа муддат ичида қанчалаб автаҳалокатларни кўрдим. Таҳлиллар асосида йўл-транспорт ҳодисаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш ва шу орқали одамларни кўнгилсизликлардан асрашга даъват этиш менинг хизмат вазифамга киради.
Яқинда Хатирчи туманида “Нексия” машинаси остида янчилган уч ёшли гўдак тақдири юрагимни чақмоқдек тешиб ўтди. Афсус... Ҳолат эса қуйидагича бўлган эди.
Спиртли ичимлик таъсирида яхшигина маст бўлган 42 ёшли Шокир (исм-фамилиялар ўзгартирилган) улфатларига чўмилгиси келаётганлигини айтди. Дўстлари чўмилишга бормасликларини, шу ерда қолиб зиёфатни давом эттиришларини маълум қилишди. Бу хурмачаси ароққа тўлган ҳайдовчига ёқмади.
-Эй, ўзларингдан кўринглар. Бормасангиз ўзим бораман чўмилишга,-Шокир шундай дея “темир тойчоққа” миниб, тезликни оширди. Унинг миясида фақатгина муздеккина сувда роҳатланиб чўмилиш завқи жўш урарди.
Худди шу пайтда Амина холанинг ой куни тўлиб қолган келини уч ёшли фарзанди Фарҳоджон билан йўл четида сигирни ўтлатиб туришарди. Фарҳоджон ногаҳон югуриб келиб онасини қаттиқ қучоқлаб олди. Меҳр билан нури жаҳонининг кўзларига боқди. Шу ёшдаги болаларгагина хос ширингина тилда онасига савол берди:
-Ойижон, укамни уйимизга қачон олиб келасиз?
Онаси саволга жавобан ўғлини беозоргина қучиб, пешонасидан ўпди. Кейин Фарҳоджон яна ўйинга берилиб кетди. Онаси ортидан умид ва меҳр кўзлари билан қараб қолди.
Катта тезликда ҳаракатланиб келаётган “Нексия” автомашинаси уч ёшли болани уриб юборди. Воқеа жойига келиб қолган Фарҳоджоннинг бувиси ҳайдовчига зудлик билан набирасини касалхонага олиб боришини айтганида ҳайдовчи:
-Машинани қандай ҳайдайман. Роса ичганман-деб жавоб берди.
Минг изтироб билан болакайни автомашинага ётқизишди. Боланинг қулоқларидан қон оқди...
Туман марказий шифохонасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай ҳали орзулар оламида яшаган уч ёшли болакай фариштага айланди.
Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган ёки ҳалок бўлган инсонларни кўрар эканман юрагимда уларнинг яқин инсонлари қалбидан кечаётган дардли ҳиссиётлар бош кўтаради. Наҳотки боламизга эътиборли бўлиш ўрнига бировни айблаш ва терговга боришни ёқтирсак? Наҳотки, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ўрнига ЙПХ ходимларига нафрат билан қарасак? Йўлларда тезлик билан боғлиқ автоҳалокатларни олдини олиш учун радар ўрнатаётган соҳа вакилларига ёмон кўз билан қарасак? Бизнинг ҳаётимиз учун жон куйдирадиган инсонларнинг устидан кулсак ёки тегишли жойга арз қилиш ёхуд интернетда қоралашни маъқул кўрсак?
Мазкур ҳолатни ибрат бўлиши учун матбуотда ёритиш ва бошқалар шу хатони содир этмаслиги мақсадида хизмат зарурати туфайли тергов бўлимига бордим. Бу ерда ҳайдовчининг опаси укасининг ёнини олиб, бизга важоҳат билан гапирди. Гўёки укасининг уч ёшли боланинг ўлимида умуман айби йўқ эмиш. Афсус, виждонсиз инсонлар кўп дунёда, ҳали бери ҳолатдан тўғри хулоса чиқаришмайди, деган фикр ўтди.
Мазкур изтиробларни ёзишимдан асосий мақсад қайсидир соҳани мақташ, кимларнидир айбдор қилиш ёки қўрқитиш эмас. Йўқ. Мен бундай ҳиссиётлардан мутлақо йироқман. Чунки мен ҳам онаман. Хатирчида уч ёшли боланисини йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тупроққа қўйган онанинг ҳиссиётлари менинг ҳам юрагимдан ўтди. Ўша воқеани эшитиб деярли ухлай олмадим. Турмуш ўртоғимнинг айтишича, кечаси қўрқинчли тушлар таъсирида бўлса керак, уйқусираб болаларимни кўчага чиқмаслигини айтиб йиғлабман.
Ҳурматли ватандош! Мени мутахасис сифатида эмас, балки бир онаизор сифатида ҳиссиётларимни тўғри тушунишингизни истайман. Ҳозир кўзларимда ёш билан мана шу мурожаатни ёзаяпман. Қўлларим қалтираяпти. Илтимос, болангизни асранг. Балки ўша аёл ой куни яқинлиги сабаб оғирлашиб қолгани натижасида боласининг қўлидан ушлаб қола олмагандир. Мол дунёку топилади. Бироқ виждон азобида яшаш ва бир умр кўз олдида боласининг ўлимини қайта қайта гавдалантириш оғирлигини ҳис қила оласизми. Буни ҳеч кимга раво кўриб бўлмайди. Илтимос, болаларингизни бевақт тупроққа топширманг!
Сабина Хўжаева
Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи мухбири