Тест режимида

Хабарлар

Наманганда ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида тезкор тадбир ўтказилиб, ходимга пора берган фуқаро қўлга олинди

Жорий йилнинг 24 январь куни белгиланган тақсимот асосида Наманган вилояти, Наманган шаҳар, Нуробод МФЙ ҳудудида хизмат олиб борган вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими О.Махмудов соат 14:00ларда “Наманган-Косонсой” автомобиль йўлида ҳаракатланиб келган “Нексия-2” русумли автомобилни тўхтатиб текширган вақтида, тегишли рухсатномасиз автомобилнинг орқа ва олд ён ойналари тусини қорайтирилганлиги аниқланган.

Ҳайдовчи, 1984 йилда туғилган С.М.га нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилган.

Ҳайдовчи С.М. унга нисбатан маъмурий чора кўрилмаслиги ва автомобилини жарима майдончасидан олиб чиқиш эвазига ЙПХ ходими О.Махмудовга 1.000.000 (бир миллион) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган. ЙПХ ходими ҳайдовчи С.М. пора таклиф қилаётганлиги юзасидан билдирги орқали вилоят ИИБ бошлиғи номига мурожаат қилган.

Ходимнинг билдиргиси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан жорий йилнинг 25 январь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида, соат 12:45ларда, Наманган шаҳар, Косонсой кўчасида жойлашган 1-сонли жарима майдончаси олдида фуқаро С.М. ЙПХ ходими О.Махмудовга 1.000.000 (бир миллион) сўм пулларни пора тариқасида берган вақтда, тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.

Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати