Тест режимида

Хабарлар

Наманганда кетма-кет одамлар ўлимига олиб келган ЙТҲлар содир этилди

Наманган вилояти ҳудудидан ўтган автомобиль йўлларида бирин-кетин одамлар ўлимига олиб келган ЙТҲлар содир этилди.

Жорий йилнинг 3 сентябрь куни соат 11:00 ларда, Наманган вилояти, Чуст тумани ҳудудидан ўтган 4К-450 “Варзик-Қорақўрғон” автомобиль йўлининг 1-километрида 1981 йилда туғилган ҳайдовчи “BMW-520” русумли автомобил тезлигини меъёридан оширган ҳолда бошқариб кетаётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, рул бошқарувини йўқотган ва йўлнинг чап томонига ўрнатилган қишлоқ ҳудуди номини белгиловчи бетон тўсиққа урилган.

Натижада, “ВМW-520” русумли автомобилнинг олд ўриндиғида ўтирган, 1987 йилда туғилган йўловчиси ва орқа ўриндиғида ўтирган, 2017 йилда туғилган, вояга етмаган йўловчиси оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этишган. Ушбу автомобилнинг 39 ёшли ҳайдовчиси ва орқа ўриндиғида ўтирган 6, 26, 32 ёшли 3 нафар йўловчилари тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур холат ҳолат юзасидан Чуст тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 4 сентябрь куни соат 05:00 ларда, Наманган вилояти, Поп тумани ҳудудидан ўтган 4Р 112 “Фарғона ҳалқа йўли” автомобиль йўлининг 10-километрида 1998 йилда туғилган ҳайдовчи “Матиз” русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, бошқарув вақтида ухлаб қолиб, қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, қаршисидан келаётган 1987 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги “Нексия” русумли автомобиль билан тўқнашган.

Натижада, “Матиз” русумли автомобилнинг 22 ёшли ҳайдовчиси ҳамда 23 ёшли йўловчиси ва “Нексия” русумли автомобилнинг 39, 45 ёшли йўловчилари оғир тан жароҳати олиб воқеа  жойида вафот этишган.

“Нексия” русумли автомобилнинг 33 ёшли ҳайдовчиси ва 22, 23 ёшли йўловчилари тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилганлар.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Поп тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, “Матиз” русумли автомобиль ҳайдовчиси бир йил давомида 9 маротаба, “Нексия” русумли автомобил ҳайдовчиси эса 1 маротаба қоидабузарлик содир этган.