Тест режимида

Хабарлар

Наманганда транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги қалбаки штампдан фойдаланаётган шахс аниқланди

Жорий йилнинг 26 январь куни фуқаро Ҳ.Э. Наманган вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида, “Яшка” исмли шахс 60 000 (олтмиш минг) сўм пул эвазига транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасига транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказилганлиги ҳақида муҳр қўйиб бериши мумкинлигини, ушбу фуқаронинг ҳаракатлари қонунийлиги текширилишини сўраган.

Ушбу ариза асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Ҳ.Э бир дона транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси ҳамда кимёвий ишлов берилган 1 дона 50 000 (эллик минг) сўмлик ва 1 дона 10 000 (ўн минг) сўмлик купюрадаги жами 60 000 (олтмиш минг) сўм пуллар билан “Яшка” исмли шахсга йўналтирилган.

“Яшка” исмли шахс, Поп шаҳар, "Парда-Турсун" кўчасида жойлашган “Автосарой-2” МЧЖ биносидаги қоровулхонада фуқаро Ҳ.Э. томонидан тақдим қилинган транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасига 60 000 (олтмиш минг) сўм пул эвазига амал қилиш муддатини “2021 йил декабрь” - деб, кўрсатиб, техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги муҳр қўйиб берган вақтида, ашёвий далиллар билан ушланган.

Тадбир давомида, “Яшка” исмли шахс, Поп тумани, “Уйғур” МФЙ.да яшовчи, 1961 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг айрим моддалари билан судланган фуқаро Б.К. эканлиги аниқланган.

Фуқаро Б.К.дан кимёвий ишлов берилган 60 000 (олтмиш минг) сўм пуллар ҳамда 3 дона “Поп”, “Чуст”, “Тўрақўрғон” туман ИИБ ёзувлари туширилган “соз” техник кўрикдан ўтказиш штамп муҳрлари, шунингдек, қоровулхона кўздан кечирилганда, 23 дона қалбакилаштириб тайёрланган, реквизитлари тўлдирилмаган ҳолдаги транспорт воситаларининг газ баллон синов актлари, 2 дона транспорт воситаларини қайд этиш гувоҳномаси, бундан ташқари, фуқаро Б.К.нинг “Ваз-2107” русумли автомобили кўздан кечирилганда, автомашина салони ва юкхонасида жами 14 900 000 (ўн тўрт миллион тўққиз юз минг) сўм миқдоридаги пуллар, 31 дона реквизитлари тўлдирилмаган ҳолатдаги газ баллон синов актлари, 2 дона собиқ Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ РЎ ва ИОБ бошлиғининг имзоси рангли принтер ёрдамида қўйилган “тасдиқнома” ҳамда 1 дона Поп туман ИИБ ЙҲХБ катта инспекторининг имзоси рангли принтер ёрдамида қўйилган “маълумотнома” қоғозлари ва бошқа ҳужжатлар борлиги аниқланиб баённома асосида текшириш учун олинган.

Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар юзасидан Поп тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати