Навоийда ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида тезкор тадбир ўтказилиб, ходимга пора берган фуқаро қўлга олинди
Жорий йилнинг 26 январь куни Навоий вилояти, Навбаҳор тумани ҳудудига белгиланган тақсимот асосида хизматга жалб этилган ЙПХ ходимлари О.Рўзиқулов ва Д.Тошовлар томонидан соат 16:50ларда “Камаз” русумли юк автомобили тўхтатилган.
Автомобилни бошқариш учун йўл варақасининг муддати ўтиб кетганлиги сабабли ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган ва транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Ҳайдовчи И.С. жарима майдончасидан автомобилни олиб чиқиш эвазига 300 000 (уч юз минг ) сўм миқдоридаги пуллар ва 10 (ўн) та қопда бўлган цемент маҳсулотини ЙПХ ходимига таклиф қилган.
ЙПХ ходими ушбу ҳолатни вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилган. Билдирги асосида, жорий йил 26 январдан 27 январь кунига ўтар кечаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, соат 00:30ларда, Навбаҳор тумани ҳудудида жойлашган “Зафар” кузатув блок пости биносида фуқаро И.С. ЙПХ ходими Д.Тошовга 293 000 (икки юз тўқсон уч минг) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бераётган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати