Тест режимида

Хабарлар

Навоийдаги карантин постлари тўғрисида

Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан вилоят ҳудудида коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш борасида бир қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, ЙПХ инспекторлари кечаю-кундуз мутасадди идора вакиллари билан бирга юртимиз фуқаролари саломатлиги учун хизмат олиб боришмоқда.

Жумладан, Навоий вилояти ҳудудига кирувчи “Самарқанд” мунтазам ЙПХ масканида дезинфекция ва карантин хизмати, вилоят ФВБ ходимлари ҳамкорлигида уюшқоқлик билан профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Бу ерда вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни хавфсизлантириш ва вирусдан ҳимоялаш, инфекция хавфини камайтириш мақсадида санитария-гигиена воситалари (совун, салфетка, сув, антисептик гел, ниқоб  ва бошқалар) ташкиллаштирилган. Ҳар бир транспорт воситасини қатъий тартибда кўздан кечириш ва зарарсизлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи автомашиналар назоратдан четда қолмаяпти.

Ўз навбатида, ЙПХ масканида бу борада олиб борилаётган ишлар юзасидан фуқароларнинг фикрлари билан қизиқдик.

-Бизга нисбатан кўрсатилаётган ғамхўрликдан хурсандмиз. Масъул ходимлар ўз ишини виждонан бажаришаяпти. Барча масъул идоралар элимиз соғлиги учун бир ёқадан бош чиқариб ишлашмоқда. Яратилган шарт-шароитлар учун катта раҳмат. Илоҳим, юртимиз тинч бўлсин,-дейди ҳайдовчи  Муҳриддин Олимов биз билан суҳбат чоғида.

Албатта, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда камарбаста бўлиш, халқнинг оғирини енгил қилиш бизнинг асосий шиоримиз. Шунинг учун ҳарбий либос кийганмиз. Йўловчилар орасида ЙПХ инспекторларини дуо қилиб турган отахонларга ҳам кўзимиз тушди. Улар ҳам профилактика йўналишида амалга оширилаётган ишларимиздан мамнун.

-ЙПХ инспекторлари қўлимизга сув қуйиб, сочиқ тутиб туришибди. Умридан барака топсин, -дейди 70 ёшли отахон Шамсиддин Бегматов. – Ширин муомала қилиб, кўнглимизни кўтаришаяпти. Энди уйимизга ҳам хуш кайфиятда етиб оламиз. Яхши кайфият саломатни мустаҳкамлайди. 

Дарҳақиқат, халқнинг мушкулини осон қилиш, унга ҳар қандай вазиятда елка тутиш давлат идораларининг вазифаси. Бу борада мутасадди ташкилотлар билан виждонан хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторлари  бошқаларга ҳам ўрнак бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати