"Нексия" автомобили ўриндиғи остидан топилган қоғозда марихуана яширилгани аниқланди
Жорий йилнинг 12 апрель куни Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳар, А.Навоий кўчасида хизмат олиб борган ЙПХ инспектори Ш.Ҳайиталиев томонидан текшириш мақсадида “Нексия” русумли автомобиль тўхтатилган. Текширув давомида автомобилнинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчининг безовталиги ЙПХ ходимининг эътиборини тортган.
Ходим ҳужжатларни текшириш баробарида йўловчинининг хатти-ҳаракатини ҳам кузата бошлаган. Бетоқат йўловчи ЙПХ инспектори у томон яқинлашиб келаётганлигини кўриб тезликда қўлидаги қоғоз ўрамини ўриндиқ тагига яширган. Бу ҳаракат инспекторнинг шубҳаси асосли эканлигини тасдиқлаган. Холислар иштирокида яширилган қоғоз ўрами олинган ва текшириш учун ички ишлар бўлимига олиб борилган.
Суд кимёвий экспертиза қоғоздаги ўсимликларни текшириб, оғирлиги 2,18 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлигини тасдиқлаган. Фуқаро, 1972 йилда туғилган Ш.Ю.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати