Одамларнинг транспортда, велосипедлар (скутерлар)да, пиёда ҳаракатланишига оид чекловлар ўрнатилиши қанчалик қонуний?
Аҳоли ва транспорт ҳаракатланишига оид чекловларни ўз вақтида ўрнатмай, вируснинг назорат қилиб бўлмайдиган даражада тарқалиб кетишига йўл қўйган ва натижада карантин муддатини узайтиришга мажбур бўлган хорижий мамлакатларнинг аччиқ тажрибасидан кузатаётганимиздек, бу кўплаб одамларнинг нобуд бўлишига ва катта иқтисодий зарар кўришига олиб келмоқда.
“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси санитария-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш йўли билан таъминланади.
Чекловчи тадбирлар (карантин) — юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир.
Қонуннинг мазкур моддаси аҳоли, жумладан транспорт воситалари ҳаракатланишини чеклашга рухсат беради.
“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ транспорт воситаси – бу одамларни, юкларни ташишга ёки махсус ишларни бажаришга мўлжалланган қурилмадир.
Демак, ваколатли органлар карантин даврида ҳаракатланиш, жумладан пиёда сайр қилиш ҳамда скутер ва велосипедларда ҳаракатланишга оид чеклов чораларини белгилаши мумкин.
Бундан келиб чиқадики, аҳоли ва автотранспорт ҳаракатланишига оид чекловлар жорий этилиши нафақат
қонуний, балки фуқароларнинг яшаш ва соғлиқни сақлашга оид ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам ўзини оқлайди. Бу чоралар, шунингдек, иқтисодий жиҳатдан ҳам ўзини оқлайди, чунки вирус тарқалишини қанчалик тез назоратга олсак, бозор учун ноқулай шароитлар юзага келиши туфайли узилган иқтисодий муносабатларни шунчалик тез тиклашга муваффақ бўламиз.
Манба: Ҳуқуқий ахборот
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати