Қоидалар бузилиши оқибати таъсирчан усулда кўрсатилмоқда
Узоқ масофага қатновчи ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини ошириш ҳамда содир бўлиши мумкин бўлган ноҳуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳайдовчиларни янада сергаклантирувчи ўзгача усуллардан фойдаланилмоқда.
Бухоро вилоятининг катта чўл ҳудудидан ўтган Газли шаҳарчаси орқали ўтувчи халқаро аҳамиятга эга бўлган А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлининг 324-километрида йўл-транспорт ҳодисасига учраган автомобилнинг макети йўл ёқасига ўрнатилиб, қоидаларга амал қилмаслик оқибати ана шундай мудҳиш бўлиши мумкинлиги кўрсатилмоқда.
Ушбу макетни кўрган ҳайдовчи ўзида ҳам ушбу ЙТҲга учраган автомашина каби ҳолат содир бўлмаслигини ўйлайди албатта. Нафақат ҳайдовчи балки йўловчилар ҳам ҳайдовчидан белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда ҳаракатланишини талаб қилишади.
Барча йўл ҳаракати қатнашчиларидан қоидаларга амал қилган ҳолда ҳаракатланишларини, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз.