Тест режимида

Хабарлар

Олмазор тумани КХАЙ кўчасининг айрим қисмлари вақтинча ёпилмоқда

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизматининг берган хабарига кўра, 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш дастури доирасида 2 июлдан бошлаб Олмазор тумани КХАЙ кўчасининг Фаробий кўчаси билан кесишмасидан Беруний кўчаси кесишмасигача бўлган йўналишдаги магистрал иссиқлик тармоғини капитал таъмирлаш ишлари бошланмоқда.

Ушбу магистрал иссиқлик тармоғи 1986 йили қурилган бўлиб, иссиқлик тармоғининг капитал таъмирланаётган қисмида охирги 3 йил давомида 30дан ортиқ авария ҳолатлари қайд этилди.

Таъмирлаш ишлари 14 кун давомида, аҳолига иссиқ сув таъминоти узилмаган тартибда амалга оширилади. Иш жараёнида КХАЙ кўчасининг Беруний кўчасидан Фаробий кўчасигача бўлган йўналиши қисман ёпилади ва автотранспорт воситалари қатнови КХАЙ кўчасининг Фаробий кўчасидан Беруний кўчасигача бўлган томонида кўчани иккига бўлган ҳолда амалга оширилади.

Шу муносабат билан ҳайдовчиларга юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида айланма йўллардан фойдаланишлари тавсия этилади.