Орадан 3 кун ўтиб Фарғонада яна бир фуқаро ЙПХ ходимига пора берган вақтда ушланди
Жорий йилнинг 10 апрель куни Фарғонада фуқаро ЙҲХГ ходимига пора берган вақтда ушланганлиги ҳақида хабар берган эдик. Орадан кўп вақт ўтмасдан Қувасой шаҳрида яна бир фуқаро ЙПХ ходимига пора берган вақтда қўлга олинди.
Жорий йилнинг 10 апрель куни соат 18:00ларда, Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ катта инспектори А.Мўминов Қува тумани, Деҳқонобод қишлоғи ҳудудида, "Тико" русумли автомобиль ҳайдовчиси, 1990 йилда туғилган И.А.га нисбатан мастлик ҳолатида автомобиль бошқарганлиги бўйича маъмурий баённома расмийлаштириб, транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирган.
Шундан сўнг, 13 апрель куни фуқаро И.А. ЙПХ ходимининг ёнига келиб, расмийлаштирилган маъмурий баённомани тегишли тартибда судга тақдим этмаслик ҳамда автомобилни жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига ходимга 2.000.000 (икки миллион) сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида таклиф қилган.
ЙПХ катта инспектори вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган фуқарога нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Ходимнинг билдиргиси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро И.А. Қувасой шаҳар ИИБ ЙҲХБ биноси ёнида ЙПХ катта инспектори А.Мўминовга 1.000.000 (бир миллион) сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати