Погонда нима айб?
Шу йилнинг 14 апрель куни Наманган шаҳрида “Малибу” русумли автомашинасидаги фуқаро “Оромгоҳ” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритувчи “Оромгоҳ” блок постига келганда, бу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари унга карантин қоидаларини бузганлигини айтишиб, ҳолатни расмийлаштиришга киришадилар. Ҳайдовчи қонуний талабларга бўйсуниш ўрнига уларни ҳақоратлаб, жанжал қила бошлайди ва фаол қаршилик кўрсатади. Автомобиль жарима майдонига олиб кетилади.
Энди воқеага ҳайдовчининг турмуш ўртоғи аралашади. У ўзини минг кўйга солиб, жанжал қилади, ўзини машина тагига ташлайман, деб қўрқитади. Шу билан бирга ҳудудий профилактика инспекторини ҳақоратлаб, унинг погонларини юлиб олади.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳайдовчи ва унинг турмуш ўртоғига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳозирда Наманган шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги