Пойтахтда ЙПХ ходимларининг билдиргиси асосида, 6 кун давомида, 3 нафар фуқаро ходимга пора берган вақтда ушланди
Жорий йилнинг 4 февраль куни Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходими Ш.Хикматов Чилонзор тумани, Чўпонота кўчасида олиб борган хизмати давомида, “Ласетти” русумли автомобилни тўхтатиб, тегишли меъёрий ҳужжатларини текшириш вақтида, ҳайдовчи, 1990 йилда туғилган С.М.нинг оғиз бўшлиғидан спиртли ичимлик ҳиди келганлиги боис мастлик ҳолатида гумонлаган ва ҳайдовчини тиббий кўрикдан ўтишга таклиф қилган.
Ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортганлиги боис, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 136-моддаси тартибида холислар иштирокида баённома расмийлаштирилган.
Шундан сўнг, фуқаро расмийлаштирилган маъмурий баённомани бекор қилишни сўраб, ЙПХ ходимига 200 (икки юз) АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган. ЙПХ ходими мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, фуқаро С.М.га нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилишини сўраган.
Ходимнинг билдиргиси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро С.М. 200 (икки юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида ЙПХ ходимига берган вақтида далилий ашё билан қўлга олинган.
Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Чилонзор тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, жорий йилнинг 5 февраль куни Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспектори Д.Хикматиллаев Бектемир тумани, Х.Бойқаро-Оҳангарон кўчалари кесишган чорраҳада хизмат олиб бораётган вақтида, тунги соат 00:30ларда “Каптива” русумли автомобилни тўхтатган.
Текшириш давомида, мазкур автомобилнинг ён олд ва орқа ойналари рухсатсиз туси ўзгартирилиб, қора плёнка ёпиштирилганлиги аниқланган. Ҳайдовчига нисбатан ўрнатилган тартибда маъмурий баённома тузилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Шундан сўнг, автомобиль ҳайдовчиси Ф.Ш.нинг “Сухроб” исмли таниши келиб, мазкур ҳолат юзасидан тўлдирилган маъмурий баённомани бекор қилиш ва транспорт воситасини жарима майдонидан олиб чиқиш эвазига 200 (икки юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
ЙПХ ходими мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, белгиланган тартибда чора кўрилишини сўраган.
Ходимнинг билдиргиси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида “Сухроб” исмли фуқаро ЙПХ ходимига 100 (бир юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида берган вақтида далилий ашё билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ИЖҚК Департаменти Тошкент шаҳар Бектемир тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳрида ЙПХ ходимига пора бериш ҳолатининг навбатдагиси жорий йилнинг 9 февраль куни яна такрорланди.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ катта инспектори У.Ишанходжаев жорий йилнинг 8 февраль куни Миробод тумани, Т.Шевченко кўчасида, соат 21:00ларда, “Mercedes-Benz” русумли транспорт воситасини тўхтатиб текширганда, автомобилнинг ён олд ва орқа ойналари туси ўзгартирилиб, қора плёнка ёпиштирилганлиги ва махсус рухсатномасининг қалбаки эканлиги аниқланган.
Ҳайдовчи С.Ғ. автомобилни жарима майдончасига жойлаштирмаслик эвазига ЙПХ ходимига 100 (бир юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида таклиф қилган.
ЙПХ ходимининг белгиланган тартибдаги билдиргиси асосида, соҳавий хизмат вакиллари ва холислар иштирокида тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро С.Ғ. 100 (бир юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулни ЙПХ ходимига берган вақтида далилий ашё билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ИЖҚК Департаменти Тошкент шаҳар Миробод тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда, барча фуқаролардан аввало йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишларини, қоидабузарликни расмийлаштирмаслик, хизмат мажбуриятини четлаб ўтиши эвазига ДЙҲХХ ходимларига пора таклиф қилиб, “ёмғирдан қочиб, дўлга тутилиб қолмаслик”ларини сўраймиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати