Президент гўшт нархини арзонлаштириш чораларини кўриш муҳимлигини таъкидлади
Президент Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни Нукус шаҳридаги «Қорақалпоқ балиқ саноат» масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишди.
Бу корхона йилига 200 тонна балиқ ва 5 миллион дона балиқ личинкалари етиштириш, 5 минг тонна озуқа ем тайёрлаш қувватига эга. У шу йил июлда фаолият бошлади, 35 та иш ўрни яратилди.
Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, корхонада ёпиқ сиғимда интенсив усулда балиқ етиштирилади. Яъни, сувдан такроран фойдаланиш эвазига катта ҳажмда сув тежалади. Масалан, 200 тонна балиқ етиштириш учун оддий шароитда 1,5 миллион метр куб сув сарфланса, бу ерда 250 метр куб етарли. Бу Қорақалпоғистон учун жуда муҳим.
Корхонада, шунингдек, қайта ишлаш қуввати ва музлатгич ташкил этилган.
Шу ерда қишлоқ хўжалиги тармоқларидаги лойиҳалар тақдимот қилинди. Давлатимиз раҳбари чорвачиликда оилавий кооперцияларни йўлга қўйиб, паррандани кўпайтириб, гўшт нархини арзонлаштириш чораларини кўриш муҳимлигини таъкидлади. Ҳудудда ер ва сувнинг аниқ ҳисобини юритиш, бунга ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Манба: president.uz