Самарқандда ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида тезкор тадбир ўтказилиб, ходимга пора берган фуқаро қўлга олинди
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 23 январь куни Самарқанд шаҳрининг Мирзо-Улуғбек ва Буюк Ипак Йўли қўчалари кесишган чорраҳада “Ваз-2103” русумли автомобиль йўл ҳаракати қоидаларининг 41-бандида белгиланган талабни бузган ҳолда ҳаракатланиб келганлиги сабабли, ушбу ҳудудда хизмат олиб борган ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган.
Меъёрий ҳужжатлари тақдим қилиниши сўралганда, ҳайдовчи Х.Б. Қоидаларнинг 7-бандида белгиланган талабларни бузганлиги ҳам маълум бўлган. Ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, бошқарувидаги автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган. Шундан сўнг, ҳайдовчи автомобилини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ ходимига 600 000 (олти юз минг) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.
ЙПХ инспектори ушбу ҳолат юзасидан билдирги орқали вилоят ИИБ бошлиғи номига мурожаат қилган.
Мазкур билдиргига асосан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Х.Б. 600 000 (олти юз минг) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида ЙПХ ходимига берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-модда (Пора бериш)си 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.