Тест режимида

Хабарлар

Шаҳрисабзда ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида пора берган ҳайдовчи ушланди

Жорий йилнинг 9 февраль куни Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими А.Ҳақбердиев белгиланган тақсимот асосида Шаҳрисабз тумани, “Дуқчи” ҚФЙ ҳудудида хизмат олиб бораётган вақтида, “Дамас” русумли автомобилни тўхтатиб, ҳайдовчининг меъёрий ҳужжатларини текшириш жараёнида, ҳайдовчи, 1985 йилда туғилган Х.М.ни мастлик ҳолатида гумонлаган ва тиббий кўрикка таклиф этган.

Ҳайдовчининг мастлик ҳолати тасдиқлангандан сўнг тегишли тартибда маъмурий баённома тузиб, автомобилни вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирган.

Фуқаро Х.М. тузилган баённомани бекор қилиб, автомобилни жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ ходимга 1.500.000 (бир миллион беш юз минг) сўм пулларни пора тариқасида таклиф қилган. ЙПХ ходими ҳайдовчининг ушбу таклифини болдирги орқали вилоят ИИБ бошлиғи номига маълум қилиб, қонуний чора кўришликни сўраган.

Ходимнинг билдиргиси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, жорий йилнинг 10 февраль куни, Шаҳрисабз тумани, Шовкан қишлоғида жойлашган жарима майдончасида, соат 17:45 ларда, фуқаро Х.М. ЙПХ ходими А.Ҳақбердиевга 1.100.000 (бир миллион бир юз минг) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.