Шошилманг, сабр қилинг, ўзгани ҳам ҳурмат қилинг!
Ушбу автомобиллар ҳайдовчилари ҳам “Мен уста ҳайдовчиман” – дея қачонлардир айтишган. Халқимизда “Кўза кунда эмас, кунида синади” – деган нақл бор. Айрим қоидабузарлар “доимо қоида бузсам ҳам бўлаверади, муҳими ЙПХ ходими кўрмаса бўлди, жарима белгиланмаса бўлди” – дея калта ўйлашади. Бу калта ўй эса оғир оқибатли бахтсизлик ва кўнгилсизлик томон етаклайди. Қачондир содир этган кичик қоидабузарликлари катта хато эканлигини тушуниб етишади. Ўша вақтда эса кимдир яқин инсонидан айрилган ёки кимдир бутун умрга ногирон бўлиб қолган бўлади афсуски.
Оммавий ахборот воситаларини кузатар экансиз, айрим вилоятларда техник шикастланган (пачоқланган) транспорт воситалари ортилган махсус эвакуаторлар кўчалар кезиб юрганлигини кўрасиз. Уларнинг сони бир ёки иккита эмас, уч ва ундан кўплигига ҳам кўзингиз тушади. Ушбу транспорт воситалари ЙТҲ оқибатида носоз ҳолга келган бўлиб, автомобилларни кўрган ҳайдовчилар ўзларига тегишли хулоса чиқаришлари, қоидаларга амал қилган ҳолда ҳаракатланишлари асосий мақсад ҳисобланади.
Ана шундай техник шикастланган автомобиллар ортилган махсус эвакуаторлар карвони Нукус шаҳар кўчаларида ҳам кезиб юришди. Ҳайдовчилар олдига тўхтаб, тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилди.
Шу ўринда, барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга амал қилишларини, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз.