Тест режимида

Хабарлар

Сирдарёда ЙПХ ходимига пора берган фуқаро ушланди

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 9 январь куни, белгиланган тақсимотга асосан М-34 автомобиль йўлининг 103-километрида хизмат олиб борган ЙҲХБ инспектори томонидан “Гулистон-Тошкент” йўналиши бўйича ҳаракатланиб келган “VOLVO” русумли автомобиль тўхтатилиб меъёрий ҳужжатлари текширилганда, Наманган вилоятида жойлашган хусусий корхона томонидан бир ой муддатга берилган йўл варақасининг амал қилиш муддати тугаганлигини аниқланагн ва маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Шу вақтда автомобилда йўловчи сифатида кетаётган ҳайдовчининг қариндоши Ҳ.Ғ. автомашинани жарима майдончасидан чиқариб юбориш эвазига, ходим томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан 500 000 (беш юз минг) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бермоқчи бўлиб, таклиф қилган. 

Ходимнинг билдиргисига асосан, ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида Сирдарё вилояти, Сайҳунобод тумани ҳудудида жойлашган жарима майдончасида ўтказилган тезкор тадбир давомида, ЙҲХБ инспектори Д.И.га “VOLVO” русумли автомашинани жарима майдончасидан чиқариб бериш ва расмийлаштирилган маъмурий баённомани бекор қилиш эвазига жарима майдончасида фуқаро Ҳ.Ғ. 500 000 (беш юз минг) сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашё билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сайҳунобод туман прокуратураси томонидан гумонланувчи Ҳ.Ғ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-модда (Пора бериш)си 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.