Тест режимида

Хабарлар

Сирдарёда фуқаро ЙҲХБ ходимига пора берган вақтида ушланди

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизматининг берган хабарига кўра, Сайҳунобод тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси маъмурий ҳуқуқбузарлик материалларини кўриб чиқиш бўйича инспектори Т.Шокиров жорий йилнинг 3 октябрь куни вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилиб, унда:

Фуқаро Д.М. ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомани белгиланган тартибда ягона дастурга киритмаслик ҳамда транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериши эвазига 100 (юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора сифатида таклиф қилаётганлигини билдириб, фуқаро Д.М.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур билдирги асосида жорий йилнинг 3 октябрь куни соат 18:45 ларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида Сайҳунобод тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмасида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Т.Шокировнинг хизмат хонасида фуқаро Д.М. ходимга 50 (эллик) АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида далилий ашё билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан, Сайҳунобод тумани прокуратураси томонидан фуқаро Д.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.