ССВ: Коронавирус билан касалланишлар сони яна ортмоқда
Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор фуқароларни карантин қоидалари юмшатилгани туфайли хотиржамликка берилмасликка чақирди.
"Бугун дунёда коронавирус хавфи етиб бормаган бирор мамлакат қолмади. Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда дунёда касалланганлар сони 27 миллион 700 минг нафардан ошди. Пандемиянинг илк босқичларида касалланганлар сони 100 минг нафарга етиши учун ҳафта керак бўларди. Ҳозир эса бу рақам соатлар ичида қайд этилмоқда.
Юртимизда сентябрнинг илк кунида 343 нафар бемор қайд этилган бўлса, 9 cентябрда бу кўрсаткич қарийб 170 нафарга ошди. Карантин тартибларининг юмшатилиши, бир қанча фаолият турларига рухсат берилиши, шунингдек, мактабларда янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан аҳоли ўртасида ўзаро мулоқотнинг кўпайиши, ўз навбатида, коронавирус хавфини ҳам кучайтиради.
Бугун кўча, бозор ва бошқа жамоат жойларида аксарият фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя қилмасдан, бепарволик билан, ўзаро масофа сақлаш ва ниқоб тақиш қоидаларини қўполлик билан бузиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани жуда хавотирли.
Умумий овқатланиш объектлари, томоша ва маданий-кўнгилочар объектлар, мачитлар, шунингдек, парк ва истироҳат боғларидаги аттракционлар фаолиятига қатъий карантин талаблари асосида рухсат берилди. Жумладан, ҳар бир фуқаро тиббий ниқобда бўлиши, мижозлар орасида 2 метрлик масофани таъминлаш, шунингдек, объектдаги жиҳозларни мунтазам дизенфекциялаш, ҳаво айланиш тизимини зарарсизлантириш каби қатъий белгиланган санитария-гигиена талабаларига риоя этишлари лозим.
Ҳозирда юртимизда 2580 нафар бемор коронавирусдан даволанмоқда. Улардан 235 нафари ўртача оғир, 427 нафари оғир, 224 нафари эса ўта оғир аҳволда ётгани жойларда ниқобсиз, масофа сақламасдан юрган юртдошларимиз учун огоҳлантириш бўлиши зарур.
Ҳали давоси топилмаган, кейинчалик қандай асоратлар қолдириши, юқтирилгандан сўнг яна қайталанмаслиги шубҳа остида бўлган, қаршисида бутун дунё тиббиёти ожиз турган касалликка қарши ягона самарали чора ҳисобланган санитария қоидаларига амал қилмаслик, тиббиёт ниқобларни тақмаслик учун қанчалик бепарво бўлиш керак?!
Карантин қоидалари юмшатилгани одамларни хотиржамликка эмас, аксинча, сергакликка чорлаши керак. Чунки энди уйда, ишда, кўчада, бозорда бошқа одамлар билан кўпроқ юзма-юз бўлишади.
Дунё тажрибасида кўринмоқдаки, ҳар қандай чекловдан кўра, одамлар орасидаги карантин маданияти коронавирусни олдини олишда самаралироқ бўлиб қолмоқда. Мисол учун, 33 миллионга яқин аҳолиси бўлган Малайзияда август ойида касалланиш ҳолати 355 нафарни ташкил этган бўлса, сентябрнинг дастлабки ҳафтаси давомида бор-йўғи 37 нафарни ташкил этган, холос. Бунда аҳолининг онгли равишда ҳукумат ва шифокорларнинг тавсияларини сўзсиз бажариши муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларда карантин тугаганига қарамай жамоат жойларида ҳалиям масофа сақлаш, ниқоб тақиш, мақсадсиз кўчага чиқмаслик, катта тадбирлар ўтказмаслик одатга айланди.
Ҳурматли ватандошлар! Президентимиз таъкидлаганларидек, бундан кейин пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Айни пайтда ўз саломатлингизни асрашингиз, аввало, ўзингиз, сўнгра тиббиёт ходимлари ва мамлакатимиз учун қилган энг катта хизматингиздир. Оилангиз ва фарзандларингиз ҳаётига бефарқ бўлманг, яқинларингизнинг дард чекишига сабабчи бўлиб қолманг" дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Манба: ssvuz