Тест режимида

Хабарлар

Суғурта полиси юзасидан ишлаб чиқилган Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Амалда кучга киргани йўқ

«Mening fikrim» веб-порталига фуқаролардан Автотранспорт воситасининг суғуртаси йўқлиги туфайли автотранспорт эгасига маъмурий жарима қўллаган ҳолда автотранспорт воситасини жарима майдонига қўйиш амалиётини бекор қилиш ҳақидаги таклиф билан мурожаат қилинган ва мазкур мурожаат порталда 10 000дан ортиқ овоз тўплаган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ушбу мурожаатдан келиб чиқиб, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида тайёрланган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасига тегишли ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда Давлат йўл харакати ҳавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан транспорт воситасини ушлаб туришни бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси муҳокама қилинганлиги юзасидан тарқалган хабарлар нотўғри талқин қилиниб, айрим норасмий саҳифаларда “Энди суғуртангиз ёнингизда бўлмаса, машинангиз жарима майдонига қўйилмайди. Хабарни тарқатиб шопирларга етказиб қўямиз” мазмунидаги изоҳлар билан эълон қилинди.

Ушбу лойиҳа муҳокама қилинди. Лекин, ҳали амалда кучга киргани йўқ. Айни вақтда ЙПХ ходими суғурта полиси бўлмаган ёки  муддати ўтган ҳайдовчининг бошқарувидаги транспорт воситасини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддаси тартибида жарима майдончасига вақтинча сақлаш учун жойлаштириш ҳуқуқига эга.

Шу сабабли, ҳайдовчилардан тарқатилган асоссиз маълумотларга ишонмасликларини сўраймиз. Ушбу лойиҳа юзасидан ишлаб чиқилган Қонун ва унинг амалда кучга кириш муддати расмий саҳифаларда албатта эълон қилинади.

Маълумот ўрнида, ҳайдовчиларга қулайликлар яратиш мақсадида масофадан туриб, онлайн тарзда транспорт воситасини жарима майдончасидан олиб чиқиш тизими ишлаб чиқилиб, айни вақтда амалда қўлланилаётганлигини эслатиб ўтамиз.

Шунингдек, йўл ҳаракати қатнашчиларига қулайликлар яратиш, оворагарчиликлар ва ортиқча ҳаражатлар сарфланишига чек қўйиш мақсадида, айни вақтда ИИВ ЙҲХББ масъуллари томонидан бир неча лойиҳалар устида изланишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати