Тест режимида

Хабарлар

Тартиб-қоидани писанд қилмайдиган яна бир ҳайдовчига чора кўрилди

Бугун коронавирус пандемиясининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда карантин эълон қилинган. Шу сабабли фуқаролардан яшаш хонадонларидан мақсадсиз кўчага чиқмаслик талаб этилмоқда.
Ўз навбатида мазкур жараён йўл-патруль хизмати ходимларидан ҳам катта масъулият талаб этмоқда. Йўлларда транспорт воситалари ҳам махсус рухсатнома билан ҳаракатланиши лозим. Аммо юртдошларимиз орасида тартиб-қоидаларни писанд қилмайдиган айрим ҳайдовчиларнинг борлиги ачинарли ҳол.
Жорий йилнинг 15 апрель куни соат 15:30 лар атрофида Самарқанд шаҳрининг Беруний кўчасидан ҳаракатланиб келаётган 70 А 029 РА давлат рақам белгили "Спарк" автомашинаси Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори томонидан тўхтатиб текширилганда, карантин қоидаларини бузган, яъни, тегишли рухсатномасиз, стикерсиз транспорт воситасини бошқариб келаётганлиги аниқланди. Шунингдек, йўл-патруль хизмати инспектори транспорт воситасининг орқа давлат рақам белгиси йўқлигини ҳам кўздан қочирмади, қолаверса, ЙҲХБнинг тегишли рухсатномасини олмасдан транспорт воситасининг ойналари тусини ўзбошимчалик билан қорайтириб олганлиги ҳам маълум бўлди.
Ушбу ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасига қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати