Тасвирчини бузиб ташламоқчи бўлган сирдарёлик "полвон" ҳайдовчи 10 суткага қамалди
Гулистон шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб ҳаракатланаётган ҳайдовчиларни аниқлаш юзасидан доимий равишда ЙҲХБ ва ОАВ билан ҳамкорликда “Авторейд” тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Навбатдаги рейд тадбири давомида, Гулистон шаҳар Ўзбекистон кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келган “Ласетти” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси А.Б. "хавфсизлик камари"ни тақмаганлиги учун тўхтатилган вақтда, видеотасвирчилар томонидан тасвирга олинаётганлигини кўриб, жазавага тушиб, ҳақоратли сўзлар билан тасвирчига таҳдид қилган. Тадбир қатнашчилари томонидан ҳайдовчини тинчлантиришга уринишлар бесамар кетган. Унга нисбатан йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги учун белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Ҳайдовчи А.Б.нинг тасвирчини хақорат қилгани ҳамда карантин вақтида тиббий ниқобни тақмаганлиги ҳолати юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Гулистон шаҳар Маъмурий ишлар бўйича суди томонидан ҳужжатлар ўрганилиб, ҳуқуқбузар ҳайдовчига нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Барча йўл ҳаракати қатнашчиларидан белгиланган қоидаларга амал қилишларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати