Тест режимида

Хабарлар

Тошкент туманида ЙПХ ходимининг хабарига кўра, пора беришга уринган ҳайдовчи қўлга олинди

2022 йил 8 январь куни Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Чимкент кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими Ф.Узақов томонидан "Damas" русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилган. Текширув давомида транспорт воситасининг ойналари руҳсатномасиз қорайтирилганлиги (тонировка қилинганлиги) аниқланган ва ҳайдовчи А.А.га белгиланган тартибда баённома тузилиб, автомобиль вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Шундан сўнг ҳайдовчи чора кўрилмаслиги эвазига ЙПХ ходимига 300 (уч юз) АҚШ доллар миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган.

Ходим ушбу ҳолат юзасидан ИИВ ШХББ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимларига хабар бериб, пора таклиф этаётган ҳайдовчига қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ҳолат юзасидан 11 январь куни соат 17:30 ларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбир давомида, фуқаро А.А. ЙПХ ходимига 3.000.000 (уч миллион) сўм миқдоридаги пулларни чора кўрилмаслиги эвазига пора тариқасида бераётган вақтда қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси тартибида жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.