Тошкент вилоятида 15 март кунидан “Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги” тадбири бошланди
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига, жумладан, йўл–транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, транспорт воситаларининг техник ҳолатини, йўлларнинг аҳволини яхшилаш ҳамда «Йўл ҳаракати қоидалари» талабларини фуқароларга етказиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Лекин, шундай бўлсада вилоят ҳудудидан ўтган автомобиль йўлларида ҳамон йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб турибди. Вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг фармойишига асосан 2021 йилнинг 15 март кунидан 15 апрель кунига қадар вилоят ҳудудида “Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги” ўтказилмоқда.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, транспорт ва пиёдалар, жумладан, болалар иштирокидаги ЙТҲларнинг олдини олиш борасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш, транспорт воситаларининг техник тайёргарлигини яхшилаш ва ушбу масалаларга кенг жамоатчиликнинг, турли ташкилот ва муассасалар раҳбарларининг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг эътиборини қаратиш мазкур ойликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Тадбир давомида махсус гурухлар ташкил этилиб, улар томонидан қоидабузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида махсус рейдлар ўтказилади. Аниқланган қоидабузарликлар меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниб, уларни қайта содир этилмаслик чоралари кўрилади.
Албатта, бу каби тадбирлар йил давомида ўтказиб келинади. Аммо, ойлик доирасида бу ишларга кенг жамоатчиликни жалб этиш орқали таъсир чораларини кучайтириш режалаштирилган. Шундай экан, ҳар бир ҳаракат иштирокчиси ўзининг ва ўзгаларнинг хавфсизлигини таъминлашга масъул эканлигини унутмаслиги лозим.