Тест режимида

Хабарлар

Тошкент вилоятида ҳам ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида пора берган ҳайдовчи ушланди

Жорий йилнинг 11 февраль куни Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани худудидан ўтган 4Р6 “Тошкент-Чорбоғ” автомобиль йўлида хизмат олиб борган вилоят ИИББ ЙҲХБ ходими М.Туропов соат 11:20ларда, Бўстонлиқ тумани йўналишидан ҳаракатланиб келган “Нексия-3” русумли автомобилни тўхтатган.

Меъёрий ҳужжатларини текшириш давомида, ҳайдовчи, 1992 йилда туғилган Р.А.нинг оғиз бўшлиғидан спиртли ичимлик ҳиди келганлиги боис, ЙПХ ходими текшириш учун тиббий кўрикка таклиф этган.

Ҳайдовчи Р.А. мастлик ҳолати бор ёки йўқлигини текширилиши учун тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортган. Ушбу ҳолат холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштирилиб, ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 136-моддаси тартибида баённома тузилган ва автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Шундан сўнг, ҳайдовчи Р.А. унга нисбатан тузилган маъмурий баённомани бекор қилиш ва автомобилини жарима майдончасидан олиб чиқиш эвазига ЙПХ ходимига 1.500.000 (бир миллион беш юз минг) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган. Холат юзасидан ЙПХ ходими  билдирги орқали вилоят ИИББ бошлиғига мурожаат қилиб, қонунда белгиланган тартибда чора кўрилишини сўраган.

Ходимнинг билдиргиси асосида, жорий йилнинг 11 февраль куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Юқоричирчиқ тумани, Болта қишлоғида жойлашган жарима майдончасида, соат 18:20ларда, фуқаро Р.А. ЙПХ ходимига 1.500.000 сўм (бир миллион беш юз минг) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Юқоричирчиқ тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов харакатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати