Тест режимида

Хабарлар

Тошкент вилоятида жорий йил ёз фасли давомида “Хавфсиз таътил” тадбири бўлиб ўтади

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасида болаларни ёзги таътил вақтида йўлларда ҳавфсизлигини таминлаш мақсадида Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ташаббуси билан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда болаларнинг ёзги таътилларини “Хавфсиз таътил” шиори остида ўтказиш, бу тадбир давомида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда “Ота-она назорати” тамойили асосида асосий эътиборни оромгоҳларга жалб этилмаган болаларга қаратиш зарурлиги таъкидланди ва бунда ҳамкор ташкилотларнинг вазифалари аниқ белгилаб олинди.
Режага асосан, 2021 йилнинг 1 июнидан 31 августига қадар вилоят ҳудудида «Хавфсиз таътил» тадбири ўтказилади. Ҳамкор ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорликларини таъминлаш мақсадида вилоят ИИББ ЙҲХБ Матбуот бўлими қошида “Хавфсиз таътил” телеграмм гуруҳи ташкил этилди. Гурухга барча шаҳар-туман ИИБ ЙҲХБ бошлиқлари, отряд командирлари, шаҳар-туман халқ таълими бўлимлари масъуллари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг вилоят Кенгашидан тадбирга жалб этиладиган ходимлари ва оромгоҳларга бириктирилган ИИБ ходимлари, оромгохларнинг гурух раҳбарлари жалб этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг вилоят Кенгаши, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда оромгоҳларда ҳаракат хавфсизлиги бурчаклари ва автомайдончалар ташкил қилишга, уларни «Йўл ҳаракати қоидалари» китоби, ҳаракат хавфсизлигини тарғиб қилувчи турли хил расмлар, кўргазмали қуроллар билан жиҳозлашга келишиб олинди. Бу майдончаларда оромгоҳларда ташкил этиладиган ёш автоназоратчилар гуруҳлари ўртасида турли хил мусобақалар ва викториналар ўтказиб, ғолибларни рағбатлантириш чоралари белгиланди.
Тарбиявий ишларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадида оромгоҳларда ўтказиладиган тадбирларга ДЙҲХХ фахрийлари, маҳаллаларнинг обрў-эътиборли кишилари, ёшларнинг ибратли вакилларини жалб этиш ва улар билан савол-жавоблар ўтказиш тажрибаси кенг қўлланилади. Ўтказилаётган тадбирлар ўқувчи ёшлар кўп фойдаланадиган интернет тармоқлари орқали кенг тарғиб қилинади.
Бу йил вилоятда ташкил этиладиган оромгоҳларнинг аксарияти сўлим ва бетакрор табиати билан ном чиқарган Бўстонлиқ туманида жойлашган. Шу сабабли ҳам йиғилишда болаларни оромгоҳларга, дам олиш масканлари ва зиёратларга олиб боришда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилди. Бу ишга жалб этиладиган транспорт воситалари, хусусан автобусларни техник ҳолатини назорат қилиш, ҳайдовчилар билан тегишли йўриқномалар ўтказиш ишлари белгилаб олинди. Оромгоҳларга бириктириладиган ходимларга аниқ режалар берилди. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ёзги таътил муносабати билан ота-оналарга мурожаати қабул қилинди.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати