Тест режимида

Хабарлар

Тошкент вилоятида фуқаро ЙПХ ходимига пора бераётган вақтда ушланди

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи фуқаро И.С. жорий йилнинг 4 сентябрь куни Бўстонлиқ туманида дам олиб, дўстлари даврасида спиртли ичимлик истеъмол қилган. Шундан сўнг, ўзининг “Ласетти” русумли транспорт воситасини бошқариб Ғазалкент шаҳри томон йўл олган.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ЙПХ махсус отряди командирининг ўринбосари А.Абдухолиқов ушбу транспорт воситасига тўхташ ишорасини берган. Мулоқот вақтида ҳайдовчи спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумонланган. Текширувдан ўтказилганда, ҳайдовчининг мастлик ҳолати тасдиқланган. ЙПХ ходими ҳайдовчига нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирган ва транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирган.

Фуқаро муаммо ечимининг ноқонуний йўлларини излаб, ходимга пора эвазига транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб беришини сўраган.

ЙПХ ходими мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилган.

Билдирги асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро И.С. транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ ходими А.Абдухолиқовга икки миллион сўм пулни пора сифатида бераётган вақтда ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қибрай туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

                                      Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати