Тошкент вилоятида пиёдалар йўлакчаси янги кўринишда
Ҳозирги кунга келиб содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпчилиги айнан пиёдалар иштирокида содир бўлмоқда. Ушбу ЙТҲларнинг аксарияти эса сутканинг қоронғу вақтига тўғри келади. Юқоридагиларни инобатга олиб, Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ томонидан ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўлларда пиёдалар иштирокида содир этилиши мумкин бўлган турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўртачирчиқ тумани ҳудудида жойлашган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдалар учун бир қулайлик яратилди. Ҳозирги кунда бу ердаги иккита пиёдалар ўтиш жойи мутлақо янгича кўринишда жиҳозланди. Яъни йўлнинг бутун эни бўйлаб уч қатор қилиб ёниб-ўчиб турувчи чироқлар ўрнатилди. Қоронғуда бу чироқлар анча узоқ масофадан ҳам ҳайдовчиларга кўриниб туради. Бу эса тунда содир бўлаётган пиёдалар иштирокидаги ЙТҲларни олдини олишга ёрдам беради. Ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ишига янги, инновацион технологияларни жорий этилаётганлиги эса ноҳуш ҳолатларни, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади.
Келгусида бу каби чироқлар вилоятнинг кўплаб шаҳар ва туманларига, айниқса, сунъий ёритилмаган йўлларга ўрнатилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати