Тест режимида

Хабарлар

Тошкентда 19 мартдан бошлаб йўловчи оқими кескин камайган вақтларда автобуслар ҳаракати оралиқ интерваллари узайтирилади

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тасарруфидаги йўналишларда қатнаётган автобуслар ҳаракат жадвалига вақтинчалик ўзгартиришлар киритилди. 

“Тошшаҳартрансхизмат” хабарига кўра, 2020 йилнинг 19 мартидан бошлаб йўловчи оқими кескин камайган вақтлар –  соат 10:00дан 16:00га қадар автобуслар ҳаракати оралиқ интерваллари узайтирилмоқда. 

Билдирилишича, бундан мақсад транспорт воситаларидан самарали фойдаланишдир.

Таъкидланишича, бугун бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус инфекцияси Ўзбекистонда ҳам қайд қилингани ушбу хасталикка нисбатан ҳукумат даражасида қарши чоралар кўришни тақозо этди. Айни кунда Ўзбекистонда карантин эълон қилинган бўлиб, ушбу вақтда вируснинг кенг тарқалмаслиги учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрига келиб ишлаётган, таълим олаётган юртдошларимиз ва хорижий меҳмонларнинг пойтахтда бўлишлари вақтинча чекланмоқда. 

Жамоат транспортида йўловчи оқимининг кескин қисқариши натижасида тиғиз вақтлардан ташқари автобусларнинг йўналишларда йўловчисиз ҳаракатланиши ҳам кузатилаётгани айтилади. Бу транспорт воситаларининг сабабсиз емирилишига, ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг самарасиз сарфланишига сабаб бўлаётгани қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати