Транспорт воситасини бошқаришда тунги ва кундузги махсус кўзойнаклар фойдалими?
Республикамиз ҳудуди бўйлаб турли даражадаги оқибатлар билан якун топаётган йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиши афсуски давом этмоқда. Жорий йилнинг 3 сентябрь куни Жиззах шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида бир оила боқувчисидан ажралди.
Юк автомобиль ҳайдовчиси ҳаракатланаётиб, қуёш ботиш вақтида йўл четида ўзидан олдинда тўхтаб турган бошқа бир юк автомобили ва унинг тиркамасини кўрмай қолган ва олд томони билан тиркаманинг орқа чап томонига урилган.
ЙТҲ натижасида эр ва хотин тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тез тиббий ёрдамларга қарамасдан оила боқувчиси ҳисобланган эркак вафот этган.
Шу ўринда Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходими тунда ва кундузи фойдаланиш учун ҳайдовчиларга махсус кўзойнакларни таклиф этмоқда. Кундузи қора рангли кўзойнак қуёш нурлари тўғридан-тўғри ҳайдовчи кўзига тушган вақтларда нурни қайтаради. Сариқ кўзойнак эса тунги вақтларда йўлларда чизилган йўл чизиқлари ва белгиларининг кўриниш сифатини янада оширади ва қарама-қарши йўналишда келаётган транспорт воситасининг ёритиш чироқлари ҳайдовчининг кўзини олмаслигига ёрдам беради.
Барча ҳайдовчилардан эҳтиёткор бўлишларини, йўл белгилари ва чизиқлари талабларига риоя этган ҳолда ҳаракатланишларини сўраб қоламиз.