Транспорт воситасини маст ҳолда бошқарманг!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 370-сон қарорининг биринчи иловаси “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 12-банди, биринчи хатбошиси, биринчи кичик бандига кўра - транспорт воситасини мастлик ҳолатида (алкоголь, гиёҳванд моддалар истеъмол қилган ва ҳ. к.), сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш таъқиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 131-моддаси (Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш)га кўра - ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши — транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш — транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати