Тест режимида

Хабарлар

Транспорт воситасининг олд ўриндиғидаги йўловчи хавфсизлик камарини мажбурий тақиши бўйича қўшимча изоҳ

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 125-моддаси (Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) биринчи қисмида ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига, худди шунингдек мотоцикл ва мопедлар ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги базавий хисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 2-боб (Ҳайдовчиларнинг умумий вазифалари) 9-бандига кўра, конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчи ва унинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарларини тақиб олишлари шартлиги ҳамда 5-боб (Йўловчиларнинг мажбуриятлари) 23-бандининг иккинчи хатбошисига кўра, мазкур Қоидаларнинг 9-бандига мувофиқ йўловчилар хавфсизлик камарлари билан жиҳозланган транспорт воситаларида ҳаракатланишдан олдин уларни тақиб олиши, мотоцикл ёки мопедларда ҳаракатланишидан олдин эса мотошлемни қадаб олиши шартлиги белгиланган. Ушбу тартиб 2022 йил 1 майдан бошлаб амалга киритилади.

2022 йил 11 февраль кунидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида “Хавфсиз ва равон йўл” тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва бошқа масъул вазирлик ва идораларнинг ходимларидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилган.

Ҳозирги кунда ишчи гуруҳ томонидан йўловчининг хавфсизлик камарини тақмаганлиги учун жавобгарлик масаласини белгилаш борасида амалдаги қонунчилик нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ўзгаришлар ҳақида келгусида жамоатчиликка қўшимча равишда маълум қилинади. 

Ижтимоий тармоқ вакилларидан йўл ҳаракати соҳасидаги нормаларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга эътиборсиз бўлмаганлиги учун миннатдорчилик билдирамиз.