Учар мотоциклчилар аҳоли яшаш жойида 150-160 км/соат атрофидаги тезликда ҳаракатланган
Содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари ва мотоциклларнинг хавфли ҳаракатлари кўпгина ҳаракат иштирокчиларининг эътирозларига сабаб бўлаётганлигини инобатга олиб, Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ томонидан дам олиш кунлари вилоятнинг 4Р12 “Бектемир-Чорбоғ” автомобиль йўлида “Мотоцикл” тадбири ўтказилди. Тадбирни айнан шу йўлда ўтказилишининг сабаби, дам олиш кунлари кўплаб фуқаролар тоғли ҳудудларга айнан шу йўл орқали боришади. Мотоциклда дам олишга борувчи ишқибозлар ҳам шу йўлда кўпроқ учрайди.
ЙҲХ бошқармасида ишлаб чиқилган махсус режага асосан Юқоричирчиқ ва Бўстонлиқ туманлари ҳудудида гуруҳлар ташкил этилди. Ушбу гурухларга бириктирилган ЙПХ инспекторлари ҳар бир мотоциклни тўхтатиб, ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини текшириш асносида улар билан “Йўл ҳаракати қоидалари” талаблари юзасидан суҳбатлар ўтказишди. Айниқса, ҳаракат вақтида тезлик талабларига қатъий амал қилиш зарурлиги, тезликни ошириш қандай салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳар бир ҳайдовчига тушунтирилди.
Тадбир давомида 20 дан ортиқ мотоцикллар тўхтатилди. Улардан 7 нафарига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Ҳайдовчиларнинг тегишли ҳужжатлари бўлмаганлиги сабаб 5 та мотоцикл вақтинчалик жарима майдонига киритилди. Бундан ташқари 3 та ҳолатда мотоциклларнинг давлат рақам белгиларини яшириб олганлиги аниқланди.
Ушбу 4Р12 “Бектемир-Чорбоғ” автомобиль йўлида мотоциклларнинг тез ҳаракатланишини ҳисобга олиб, мунтазам равишда махсус автоматлаштирилган фоторадар техника воситалари ишлатилмоқда. Ушбу фоторадарлар жорий йилнинг ёз ойи бошидан буён 65 та мотоциклчилар томонидан тезликни меъёридан ошириш ҳолатларини аниқлаган. Ачинарлиси, буларнинг барчаси аҳоли яшаш жойида, яъни, 70 км/соат тезлик белгиланган жойда 110 км/соат тезликдан ортиқ тезлик билан ҳаракатланганлардир.
Мисол учун, жорий йилнинг 6 август куни Юқоричирчиқ туманидан ўтувчи 4Р12 “Бектемир-Чорбоғ” автомобиль йўлининг 16-километрида Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи фуқорога тегишли бўлган “HONDA” русумли мотоцикл 70 км/соат тезлик белгиланган жойда 166 км/соат тезлик билан ҳаракатланган.
Жорий йилнинг 10 июль куни эса, Юқоричирчиқ туманидан ўтувчи 4Р12 “Бектемир-Чорбоғ” автомобиль йўлининг 34-километрида Тошкент шаҳри Олмазор туманида истиқомат қилувчи фуқарога тегишли бўлган “SUZUKI” русумли мотоцикл 147 км/соат тезлик билан ҳаракатланган. Ушбу мотоцикл эгаларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1283-моддаси 3-қисмига биноан базавий ҳисоблаш миқдорининг 9 баравари миқдорида жарималар белгиланиб, жарима қарорлари яшаш манзилларига жўнатилган.
Шу ўринда, барча ҳайдовчилардан тезлик меъёрига амал қилишларини, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати