Тест режимида

Хабарлар

Унутманг, сиз йўловчи ташийсиз!

Жорий йилнинг 27 февраль куни Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ биносида вилоят ҳудудида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи уюшмалар раҳбарлари ва ҳайдовчилар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда, вилоятда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлиллар асосида муҳокама қилинди. Жумладан, бу йўл-транспорт ҳодисаларида уюшмалар ҳайдовчиларининг салмоғи, йўловчи ташиш фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликлар аниқ мисоллар ёрдамида таҳлил қилинди.
Шунингдек, йиғилганларга йўловчи ташувчи транспорт воситаларидаги камчиликлар, жумладан, носоз, тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган, антисанитария ҳолатидаги транспорт воситалари акс эттирилган видео лавҳа намойиш этилди.
Йиғилиш қатнашчилари видео лавҳада кўрсатилиб ўтилган камчиликлардан ўзларига тегишли хулосалар чиқаришди. “Унутманг, сиз йўловчи ташийсиз, демак масъулият бошқаларга нисбатан сизда ўн карра юқорироқ бўлиши керак” дея ДЙҲХХ масъул ходимлари йиғилишни якунлашди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати