ҲУШЁР БЎЛ, ПИЁДА!
«Пиёда-умринг бўлсин зиёда». Ҳамюртларимиз бу шиорни кўп эшитишган. Умуман, «пиёда умринг бўлсин зиёда» деган шиор ҳозирги кунда ҳам энг долзарб, энг зарур шиорлардан бири бўлиб қолмоқда. Нега? Негаки кейинги пайтларда Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига жойлардан келаётган маълумотларни, кундалик содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларини таҳлил қилиб чиқсак пиёдалар иштирокида содир бўлаётган турли кўнгилсизликларнинг сони ортиб бораётганлигини кўрамиз. Нега? Нима учун пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб бормоқда?
Автомобиль йўлларини кўздан кечирар экансиз аксарият жойларда кекса-ю ёш, аёл-у эркак барча-барча кўчанинг автомобиллар юришига мўлжалланган қатнов қисмидан, ўзлари хоҳлаган жойидан, ҳаракатланиш хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиб кесиб ўтаётганлигининг гувоҳи бўласиз. Бу эса улар иштирокида содир бўлаётган турли кўнгилсизликларнинг сонини ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Агар маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент вилояти ҳудудида бевосита пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ 50 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилганини, бунинг оқибатида 23 та пиёда ҳаётдан бевақт кўз юмганлигини, 41 та пиёда эса турли даражадаги тан жароҳатлари олганлигини кўрамиз. Бу рақамларга оддий рақамлар деб эмас, балки бир оз ўзгача нигоҳ ташлайдиган бўлсак, кўз олдимизда ғоятда ачинарли манзара намоён бўлади. Чунки бу жонсиз рақамларнинг ҳар бирини ортида инсонларнинг ҳаёти турибди. Йўлларда ҳаракатланганда барча ҳаракат иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳурмат тушунчаси бўлиб, белгиланган қоидаларга амал қилсалар, содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олган бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати