Ҳужжатлари йўқлиги сабаб ЙПХ ходимига қаршилик кўрсатиб воқеа жойидан кетиб қолган ҳайдовчига суд томонидан 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди
Жорий йилнинг 25 январь куни ижтимоий тармоқда “ГАИ ходими ва шопир ўртасидаги жанжал” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.
Видео лавҳа ўрганилганда, жорий йилнинг 25 январь куни белгиланган тақсимот асосида Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани, Чоршанбе қўрғонида хизмат олиб борган ЙПХ ходимлари Б.Хўжақулов ва Х.Йўлдошевлар томонидан соат 12:10ларда, ушбу ҳудуддда жойлашган тиббиёт бирлашмаси биноси рўпарасида ҳаракатланиб келган, давлат рақам белгиси бўлмаган “Кобальт” русумли автомобиль тўхтатилган.
ЙПХ ходими меъёрий ҳужжатларини сўраган вақтида, ҳайдовчи ҳужжатлари йўқлигини маълум қилган.
ЙПХ ходими белгиланган тартибда чора кўриши зарурлигини айтган вақтида ҳайдовчи ходимларга қаршилик кўрсатган ва ўзаро тортишув сабаб атрофда фуқаролар тўпланишига сабаб бўлган.
Ҳайдовчи қаршилик кўрсатишда давом этиб, автомобилда воқеа жойидан кетиб қолган.
ЙПХ ходими белгиланган тартибга кўра, ЙҲХБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилган. Билдирги асосида суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳайдовчи аниқланган ва унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судига юборилган.
Суд томонидан ҳайдовчи О.Х. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этган дея топилиб, 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга риоя қилишларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати