Велосипед бошқарганда эҳтиёт бўлинг
Содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларига аҳамият берсак, велосипед иштирокида содир бўлганлари талайгина.
Қоидаларни четлаб ўтиш, ҳайдовчи ёки велосипедчининг эҳтиётсизлиги йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий омилларидан биридир.
Йўл ҳаракати қоидаларида ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг мажбуриятлари белгиланган.
Велосипед ҳайдовчиси учун ҳам етарлича талаблар мавжуд. Лекин, кўпчилик фуқаролар қоидалар фақатгина автомобиль ҳайдовчиси учун, велосипед ҳайдовчиси учун қоида йўқ деб ҳисоблашади. Албатта бу нотўғри. Шундай деб ҳисобланганлик учун велосипед ҳайдовчиларининг хатоси фалокат билан якун топган йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари йўлларда велосипед ҳайдовчиларини тўхтатиб, уларнинг саломатлиги, содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида сутканинг қоронғу вақтида кўриниши учун велосипедларига ялтироқ белгилар ёпиштириб чиқишмоқда. Шунингдек, велосипед ҳайдовчиларига йўл ҳаракати қоидалари бўйича мажбуриятларини яна бир бор эслатиб, оқ йўл тилашмоқда.