Тест режимида

Хабарлар

Ҳайдовчилар! Орқага ҳаракатланишда эҳтиёт бўлинг!

2019 йилнинг 1 январь кунидан 13 майгача ҳайдовчилар автомобилда орқага ҳаракатланиш вақтларида пиёдаларни уриб юбориб, уларга тан шикастлари етишига сабаб бўлганликлари билан боғлиқ 18 та йўл-транспорт ҳодисалари Тошкент шаҳар ЙҲХБ ходимлари томонидан қайд этилди.

Барча ҳайдовчиларга шуни эслатиб қўймоқчи эдикки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.12.2015 йилдаги 370-сон Қарори билан белгиланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 63 бандига мувофиқ: транспорт воситасининг орқага ҳаракатланишида ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлаши ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига халал бермаслиги шарт. Зарур бўлганда ҳайдовчи бошқа шахслардан ёрдам сўраши керак.

Ҳурматли ҳайдовчилар! Орқага ҳаракатланишдан олдин автомобилингиз орқасида ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилинг. Ёдингизда бўлсин, ойнага қараш ёки бошни орқага буришнинг ўзи етарли бўлмаслиги мумкин: ёш бола ёки ўтириб олган ёши катта шахс «кўр» ҳудудда бўлишлари мумкин. Шунингдек шуни инобатга олиш зарурки, орқага қараганингиздан бир сониядан кейин пиёда ўтиб қолиши мумкин.

Ўзингиз ва атрофдагиларни саломатликларини асранг! Шунингдек ўзингиз ва яқинларингизни суд тортишувлари, моддий харажат ва ортиқча асабийлашишдан асранг. Чунки бу каби ҳолатларда ҳайдовчилар ҳаттоки жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкин. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддасига мувофиқ транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, у энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқтузатиш ишлари билан жазоланади. Агар ўша қилмиш одамлар ўлимига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.